Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан суғурта соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Суғурта агентлари тўғрисидаги низом қабул қилинди.
Низом 2026 йил 2 июнда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 3845-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Низом билан суғурта агентларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби, суғурталовчилар билан ўзаро муносабатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, воситачилик фаолиятини амалга ошириш механизмлари ҳамда улар фаолияти устидан назорат қилиш тартиби белгиланмоқда.
Хусусан:
суғурталовчи ва суғурта агенти ўртасида тузилган топшириқ шартномаси (агент битими) Агентликнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида қайд этилиши
ва суғурта агентига ID рақам берилиши;
суғурта агентларнинг фаолиятидаги чекловлар ҳамда Агентлик томонидан инсофсиз суғурта агентлари реестрини юритиш механизмлари жорий қилиш;
банк кредитлари билан боғлиқ суғурта шартномалари тузилишида (банкнинг ўз тадбиркорлик хавфини суғурталаш шартномалари бундан мустасно) фақатгина кредит берувчи тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган суғурталовчилар номидан суғурта агенти сифатида иштирок этиши ҳамда фаолиятга оид бошқа талаблар белгиланди.
Шунингдек, Низомда суғурта агентларининг малакасини оширишга оид талаблар, суғурта қилдирувчиларга ахборот тақдим этиш бўйича мажбуриятлар, улар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган меъёрлар назарда тутилган.
Мазкур Низомни қабул қилиниши суғурта бозорида фаолиятни самарали тартибга солишга, шу жумладан суғурта хизматларнинг истеъмолчилари ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, натижада мазкур соҳани ривожлантиришга ёрдам беради.