Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида PASHA Financial Holding (PFH) бош директори Фарид Маммадов бошчилигидаги делегация ҳамда Business Consult Group вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш муҳитини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, иштирокчилар суғурта бозорини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари, суғурта ташкилотлари устидан назоратни амалга ошириш талаблари ва ёндашувлари, суғурта фаолиятини лицензиялаш тартиби, шунингдек, суғурталовчилар капиталига қўйиладиган талабларни кўриб чиқдилар.
Хорижий молиявий гуруҳлар ва инвесторларнинг Ўзбекистон суғурта бозорига кириш шартларига, шунингдек, соҳани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига, жумладан, рақамлаштириш ва янги суғурта маҳсулотларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Электрон тижорат иштирокчиларини тартибга солиш ҳамда ушбу бозорни кенгайтириш учун зарур инфратузилмани янада ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумот учун: PASHA Financial Holding – молия сектори, кўчмас мулк, чакана савдо, қишлоқ хўжалиги, технологиялар ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи Озарбайжоннинг етакчи хусусий бизнес гуруҳларидан бири – PASHA Holding’нинг молиявий активларини бирлаштиради. 2025 йил якунларига кўра, гуруҳнинг жами активлари 17,0 млрд долларни, умумий даромади эса 3,5 млрд долларни ташкил этган.
PASHA Financial Holding таркибига молиявий ташкилотлар (PASHA Bank, Kapital Bank, Birbank, PASHA Insurance, PASHA Life), шунингдек, маркетплейслар ва технологик компаниялар, кўчмас мулк, туризм, чакана савдо ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги корхоналар киради.
Учрашув якунида томонлар суғурта бозори ва электрон тижоратни тартибга солиш ҳамда ривожлантириш масалаларида тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этиб, ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
