Ёпиш
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Ўзбекистонда сукук қимматли қоғозларини жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди

13.08.2026
64

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Ислом тараққиёт банки ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси доирасида жорий этилаётган сукук қимматли қоғозларининг мазмун-моҳияти, уларни чиқариш ва муомалага киритиш амалиёти, хорижий тажриба ҳамда Ўзбекистонда жорий этиш истиқболларига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Ислом тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури, капитал бозори инфратузилмаси ташкилотлари, исломий молия соҳаси экспертлари ва мустақил консультантлар иштирок этди.

Семинар давомида сукук қимматли қоғозларининг ҳуқуқий ва иқтисодий хусусиятлари, уларни чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари, шунингдек, мазкур молиявий инструментни Ўзбекистон капитал бозорига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда исломий молия бўйича халқаро тажриба ва экспертлик ёндашувлари тақдим этилди. Хусусан, сукукнинг асосий турлари — шерикчилик, ижара, савдо ва агентлик сукуклари, шунингдек, ажратилган активлар, сукук молия компаниясининг ҳуқуқий мақоми ҳамда сукукнинг исломий молия стандартларига мувофиқлигини баҳолаш механизмлари юзасидан маърузалар қилинди.

Маърузаларда БМТ Тараққиёт дастури экспертлари, ислом молияси бўйича сертификатланган шариат маслаҳатчилари ва аудиторлари ҳамда исломий молия соҳасида ихтисослашган консалтинг компанияси вакиллари иштирок этиб, сукукни жорий этишнинг халқаро амалиёти ва Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари бўйича фикрларини билдирди.

Тадбир иштирокчилари томонидан сукукни қонунчиликка жорий этиш билан бир қаторда, унинг чиқарилиши, муомаласи, даромадларни тақсимлаш ҳамда сўндирилишини қамраб оладиган яхлит ҳуқуқий механизмни шакллантириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Шунингдек, сукук бозорини самарали ривожлантириш учун капитал бозори инфратузилмаси иштирокчиларининг, жумладан, марказий депозитарий, фонд биржаси ва бошқа профессионал иштирокчиларнинг янги молиявий инструмент билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Халқ вакиллари ва экспертларнинг фикрича, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, исломий молия стандартларига асосланган сукук қимматли қоғозларининг муомалага чиқарилиши Ўзбекистон капитал бозорига инвесторлар маблағларини жалб этиш механизмларини кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Семинар якунида сукук қимматли қоғозларини Ўзбекистон капитал бозорида самарали жорий этиш учун зарур ҳуқуқий ва институционал механизмларни такомиллаштириш, халқаро тажрибани миллий шароитларга мослаштириш ҳамда бозор иштирокчилари ўртасида зарур ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.