logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари тасдиқланди

03.11.2022
1236

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларида – Агентлик) крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш, ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутувчи крипто-дўкон фаолиятини амалга ошириш қоидалари (тартиб рақами 3395, 2022 йил 31 октябрда рўйхатдан ўтган) тасдиқланди:

– асосий тушунчалар, атамалар ва таърифлар;

– крипто-дўкон мажбуриятлари;

– мижозлар билан муносабатларни ўрнатиш тартиби;

– крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш бўйича операцияларни амалга оширишни ташкил этиш тартиби ва бошқа талаблар.

Қоидалар билан, жумладан крипто-дўконга мижозлари олдидаги мажбуриятларини бажариш учун крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) бошқа крипто-активларга айирбошлаш операцияларини Ўзбекистон Республикасида жойлашган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари ёки хорижий давлатда жойлашган платформаларда амалга оширишга ҳуқуқи белгиланди.

Шу билан бирга, Қоидаларга мувофиқ крипто-дўконда қуйидаги операцияларни амалга ошириш мумкинлиги белгиланди:

а) крипто-дўконнинг электрон платформаси орқали:

жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш ва (ёки) сотиш;

чет эллик жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни хорижий валютада сотиб олиш ва (ёки) сотиш;

б) крипто-дўконнинг савдо объекти орқали:

жисмоний шахслар томонидан банк ўтказмаларини амалга ошириш орқали крипто-активларни миллий валютада сотиб олиш;

мижозлар томонидан крипто-активларни нақд пул кўринишида миллий ва (ёки) хорижий валютада сотиб олиш;

мижозлар томонидан крипто-активларни фақат миллий валютада сотиш.

Бунда сотиб олиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари сотиб олувчининг ўз таваккалчилигидир.

Крипто-дўконда қуйидаги операцияларни амалга ошириш тақиқланди:

– мажбурий идентификациядан ўтказилмаган мижозлар билан амалга ошириладиган операциялар;

– Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чиқарилган крипто-активлар билан операциялар;

– аноним крипто-активлар ҳамда ўзаро ўзгармас токенларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш операциялари.

Шу жумладан, Қоидалар билан крипто-дўкон мижозлар маблағларини қабул қилиши ва сақлашига, шунингдек уларнинг номидан ва уларнинг ҳисобидан крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш бўйича операцияларда иштирок этишга ҳақли эмаслиги белгиларни.

Мазкур Қоидаларнинг қабул қилинишидан асосий мақсад фуқароларга крипто-активларни қонуний асосларда сотиб олиш ва (ёки) сотиш бўйича операцияларни амалга ошириш учун шароит яратишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларининг эътиборини майнинг ва хизматлар провайдерлари фаолиятини ташкил этиш белгилан тартибда рухсат берувчи ҳужжат ва лицензия олингандан кейингина амалга оширилиши мумкинлигига қаратамиз.

Шунингдек, Агентлик барча фуқаролардан қонун доирасида ҳаракат қилишни ҳамда тегишли лицензия ва (ёки) рухсат берувчи ҳужжатсиз крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ташкил этишга уринмасликни ҳамда белгиланган тартибда лицензияга эга бўлмаган хизматлар провайдерлари хизматлардан фойдаланмасликни сўрайди.