Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 17 апрелдаги ПҚ-143-сон “Қорақалпоғистон Республикасида махсус майнинг зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш, уларни тўлаш ва тақсимлаш тартиби тўғрисидаги Низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди (2026 йил 27 июль, рўйхат рақами 3388-2).
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган “Besqala Mining Valley” махсус майнинг зонаси резидентлари 2035 йил 1 январга қадар крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун белгиланган йиғимларни тўлашдан озод этилади.
Ушбу имтиёз махсус майнинг зонаси резидентлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларнинг даромадларини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.