Янгиликлар
Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги ПФ-121-сонли Фармони асосидаги таҳрирда) 3-банди “з” кичик бандидаги мувофиқ Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасига технологияларни жорий қилаётган юридик шахслар учун махсус ташкилий-ҳуқуқий шароит яратишни назарда тутувчи Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимини (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) яратиши назарда тутилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Агентлик директорининг 2022 йил 28 декабрдаги 68-сон буйруғи билан Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 3409, 2022 йил 30 декабрь куни рўйхатдан ўтган) тасдиқланиб, унда қуйидагилар белгиланган:
– махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш талаблари ва шартлари;
– аризаларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби;
– тажриба лойиҳасини амалга ошириш муддатини узайтириш, реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;
– тажриба лойиҳаларини мониторинг қилиш ва махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш тартиби;
– махсус режим иштирокчилари реестрини олиб бориш тартиби.
Таъкидлаш лозимки, мазкур Низомнинг тасдиқланиши:
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги янги технологияларни синовдан ўтказиш ва тажриба тариқасида амалга ошириш учун майдонча яратишга;
амалдаги талабларга жавоб бермайдиган меъёрлар аниқланган тақдирда, янги тартибга солиш механизмларини шакллантириш ва синовдан ўтказишга;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги замонавий технологияларни, шу жумладан, инвестицияларни жалб қилиш мақсадида токенларни чиқариш юзасидан тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашишга;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги маҳсулотлар ва хизматлар турларини, шу жумладан, экспортга мўлжалланган ечимларни кенгайтиришга;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги янги технологияларни жорий этиш жараёнларида тегишли назоратни таъминлашга;
махсус режим доирасида ўтказилган тажрибалар асосида янги тартибга солиш услубларини ишлаб чиқиш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга;
республика бозорига крипто-активлар айланмаси соҳасидаги янги технологияларни олиб чиқиш муддатини ва сарф-харажатларни қисқартиришга;
крипто-активлар айланмаси соҳасидаги тадқиқотларни ташкил қилиш ва ўтказиш ҳамда таҳлилий материалларни тайёрлаш каби йўналишларни ривожлантиришга имкон беради.
Агентлик томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича ишлар давомли олиб борилмоқда.