Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида (кейинги ўринларда – Агентлик) Raiffeisen Bank International AG (RBI) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: 2025 йил охирида банк Ўзбекистон Республикаси капитал бозори соҳасидаги “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтган.
RBI — Raiffeisen Banking Group нинг марказий муассасаси бўлиб, Марказий ва Шарқий Европа бозорларида катта тажрибага эга. Жумладан, марказий депозитарийларга тўғридан-тўғри уланиш ҳамда халқаро мижозларга кастодиал хизматлар кўрсатиш имкониятларига эга.
Учрашув давомида RBI вакиллари Ўзбекистон Республикаси капитал бозори инфратузилмасига уланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Ушбу ишлар мижозларга маҳаллий инфратузилма орқали қимматли қоғозларни сақлаш ва улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини яратишга қаратилган.

Агентлик вакиллари томонидан капитал бозорининг норматив-ҳуқуқий базаси талаблари, шу жумладан “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари тушунтириб берилди. Шунингдек, синов майдончаси доирасида апробациядан ўтказилаётган механизм ва инструментлар инвесторлар учун барқарор ва прогноз қилинадиган тартибга солиш муҳитини таъминлаш мақсадида босқичма-босқич миллий қонунчиликка жорий этилиши таъкидланди.
Томонлар замонавий молиявий технологияларни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, крипто-активлар соҳаси, токенлаштирилган қимматли қоғозлар ҳамда ҳисоб-китобларда стейблконлардан фойдаланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунига кўра, ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, тажриба алмашиш ва халқаро молия институтларини Ўзбекистон Республикаси капитал бозори инфратузилмасига интеграция қилиш масалалари бўйича эксперт ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Идоравий мансуб ташкилотлар