Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида мутахассис ва экспертлар иштирокида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси юзасидан семинар бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжат Қонунчилик палатасининг 2023 йил 5 сентябрь куни концептуал жиҳатдан қабул қилинган.
Рақамли технологиялар ҳамда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш учун зарурат сўнгги йилларда соҳада ортиб бораётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳисобланади.

Семинарда крипто-активлар соҳасида ноқонуний майнинг билан шуғулланиш ҳолатларининг ортиб бориши таъкидлаб ўтилди. Жумладан, ушбу фаолиятни яширинча амалга ошириш энергия ресурсларига тушадиган оғирликдан ташқари, назоратга олинмаган аноним крипто-активларнинг халқаро жиноятчиликни молиялаштирилиши учун сарфланиш хавфи мавжуд.
Депутатлар, вазирликлар, идоралар, соҳа мутахассислари, олий таълим ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этган мазкур семинар барча учун фойдали бўлди.
