Янгиликлар
Давлат тили кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир
Бу йил ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 34 йил тўлди. Давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгиловчи “Давлат тили тўғрисида”ги қонун 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган “Ўзбек тили байрамини нишонлаш тўғрисида”ги Қонунининг (ЎРҚ-615-сон) 1-моддасига асосан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби ва мадҳияси билан бир қаторда қонун билан қўриқланадиган давлат рамзидир.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида барча таркибий бўлинмалар ходимлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда ўзбек тилининг келиб чиқиш тарихи ва ривожланиш босқичлари ҳамда унинг хусусиятлари, айрим қўлланиш қоидаларига оид мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбек тилининг нуфузини ошириш бўйича Агентлик томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ижросини таъминлашга оид ишлар йўлга қўйилган. Агентлкда ҳужжатлар ўзбек тилида юритилади, ходимлар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўзбек тилини ўрганиш бўйича қисқа муддатли курсларда таълим оладилар.
Келгусида Агентлик раҳбарлигидаги соҳаларда ўзбек тилини ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилади.