Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2026 йил 13 апрелдаги ПҚ–136-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, товарларни бонд омборлари орқали сотишни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бонд омборлари фаолиятини ташкил этиш ва улар орқали товарларни сотиш тартиби тўғрисида”ги қарор (ВМҚ-388-сон, 16.07.2026 йил) тасдиқланди.
Бонд омбори - хорижий товарларни “эркин омбор” божхона режимида божхона назорати остида сақлаш ҳамда резидентлар ва норезидентлар томонидан махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга нотижорат мақсадларда ўз эҳтиёжлари учун чакана сотишга мўлжалланган, бинолар ва (ёки) очиқ майдонлар, шу жумладан, эркин омбор ҳудудини ўз ичига олган махсус жиҳозланган ва белгиланган жой ҳисобланади.
Мазкур қарор билан:
Бонд омбори фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 1-иловага мувофиқ;
Махсус электрон савдо платформалари орқали жисмоний шахсларга товарларни чакана сотиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом
2-иловага мувофиқ тасдиқланди.
Бонд омборлари реестрига киритиш талаблари:
- бонд омбори жойлашган ҳудудда амалдаги лицензияга эга эркин омбор мавжудлиги;
‑ махсус электрон савдо платформаси билан ўзаро ҳамкорлик ёки шериклик тўғрисида шартнома мавжудлиги;
‑ божхона органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган, назорат қилинадиган товарлар бонд омборига келиб тушган пайтдан бошлаб божхона назоратидан чиқарилгунига қадар уларнинг барча ҳаракат жараёнларини тўлиқ назорат қила оладиган автоматлаштирилган электрон ҳисоб юритиш тизимининг мавжудлиги;
‑ мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида умумий майдони камида 15 000 квадрат метр бўлган яхлит эркин омборга эга бўлиш.
Махсус электрон савдо платформалари реестрига киритиш талаблари:
а) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси шаклида давлат рўйхатидан ўтказиш;
б) Ўзбекистон Республикасининг шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этишилишини таъминлаш;
в) қуйидагилардан иборат инфратузилманинг мавжудлиги:
- онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал касса;
‑ республика ҳудуди бўйича етказиб бериш хизматини кўрсатувчи ташкилот (ташкилотлар) билан шартноманинг мавжудлиги ёки бутун мамлакат бўйлаб буюртмаларни етказиб беришни таъминлайдиган, юк ташиш учун мўлжалланган ўзининг (мулк, ижара ёки лизинг ҳуқуқи асосидаги) транспорт воситаларининг мавжудлиги;
- мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида бонд омборига эга бўлиши ёхуд бонд омборлари реестрига киритилган операторлар билан омбор хизматларини кўрсатиш бўйича шартномага эга бўлиш;
- республика ҳудуди бўйича шаҳар ва туманларда буюртмаларни топшириш пунктлари, шунингдек, операцион омборлар (шу жумладан, саралаш марказлари (агар мавжуд бўлса) ва бошқа логистика инфратузилмаси мавжудлиги.
Шу билан бирга, қарорда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси бонд омборлари реестрини шакллантириш ва юритиш бўйича ваколатли орган, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги Махсус электрон савдо платформалари реестрини шакллантириш ва юритиш бўйича ваколатли орган ҳисобланиши белгиланди.