Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-359-сон қарори ижросини таъминлаш, илғор ва инновацион тўлов шаклларини жорий этиш ва ривожлантириш мақсадида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Агентликнинг буйруғига мувофиқ, Марказий банк билан келишилган ҳолда “Humo Digital” МЧЖ Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими (кейинги ўринларда – махсус режим) иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Тажриба-синов лойиҳа HUMO барқарор токенини чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш механизмларини синовдан ўтказишни назарда тутмоқда (1 HUMO 1 сўмга тенглаштирилган). Мазкур лойиҳани амалга оширишда ҳамкор сифатида крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича тегишли лицензияларга эга бўлган “Asterium” АЖ, шунингдек, банклар ва бошқа тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқдалар.
Тажриба-синов лойиҳа доирасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:
– давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган HUMO барқарор токенини чиқариш;
– HUMO барқарор токенидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расмий тўлов воситаси сифатида, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўловларни қабул қилишда фойдаланиш (тажриба-синов лойиҳани амалга оширишда 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари (мерчантлар) иштирок этишлари кўзда тутилмоқда);
– HUMO барқарор токенидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тажриба-синов лойиҳа иштирокчиларининг банк, процессинг ва блокчейн инфратузилмасини ўзаро интеграция қилиш.
Тажриба-синов лойиҳани амалга ошириш муддати уч йилгача бўлиши режалаштирилган.
Тажриба-синов лойиҳа Агентлик ва Марказий банкининг биргаликдаги назорати остида амалга оширилади.
Тажриба-синов лойиҳасининг асосий мақсади тадбиркорлик фаолияти давомида ҳисоб-китобларни тезлаштириш, уларнинг янада шаффофлигини ҳамда транзакциялар хавфсизлигини таъминлаш имконини берувчи илғор ва инновацион тўлов воситаси сифатида барқарор токенлардан фойдаланишни синовдан ўтказишдир.
Шу билан бирга, тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш жараёнида унга ҳамроҳ бўладиган хавф-хатарларни аниқлаш ҳамда уларни минималлаштириш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур тажриба-синов лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси молия соҳасини ривожлантириш учун илғор технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланишни янада рағбатлантиришга хизмат қилади.