Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банки томонидан Барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур низом барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус режимини тақдим этиш, махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш, уларнинг фаолияти устидан мониторингни амалга ошириш, махсус режим иштирокчиси мақомидан маҳрум қилиш, шунингдек махсус режим иштирокчилари реестрини юритиш тартибини белгилайди.
Махсус режимнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
- маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тўлов тизимларини яратиш ва (ёки) барқарор токенларни чиқариш ҳамда улар билан операцияларни амалга ошириш, шунингдек улардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- инвестицияларни жалб қилиш ва бозорда рақобатни ошириш;
- инновацион тўлов ечимларини жорий этишга кўмаклашиш;
- истеъмолчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш;
- тажриба-синов лойиҳалари натижалари асосида қонунчиликни такомиллаштириш.
Махсус режим доирасида қуйидаги тажриба-синов лойиҳалари амалга оширилиши мумкин:
- миллий ва (ёки) хорижий валюта билан таъминланган барқарор токенларни чиқариш;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш;
- халқаро ўтказмаларни (ҳисоб-китобларни) амалга ошириш мақсадида барқарор токенлардан фойдаланиш;
- маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида тўлов тизимларини яратиш.
Шу билан бирга, махсус режим доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади:
- алгоритмик барқарор токенларни чиқариш;
- анонимлик хусусиятига эга барқарор токенларни чиқариш;
- крипто-активлар билан таъминланган барқарор токенларни чиқариш.
Низомга мувофиқ, барқарор токенларни чиқариш фақат миллий ва (ёки) хорижий валютадаги пул маблағлари билан тўлиқ таъминланган ҳолда амалга оширилади. Бунда мазкур маблағлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилиши лозим.
Шунингдек, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қатъий талаблар жорий этилган. Жумладан, махсус режим иштирокчилари ахборот хавфсизлиги тизимларини жорий этиши, масъул шахс тайинлаши, ички тартиб-қоидаларни тасдиқлаши ва эмитент экотизимининг барқарор ишлашини таъминлаши шарт.
Махсус режим иштирокчиларини рўйхатга олиш ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади. Айрим масалалар, жумладан молиявий барқарорлик, киберхавфсизлик ва барқарор токенлар чиқариш ҳажмига оид масалалар Марказий банк билан мажбурий тартибда келишилиши белгиланган.
Тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш муддати дастлаб 12 ой этиб белгиланади ва зарур ҳолларда узайтирилиши мумкин. Бунда умумий муддат 3 йилдан ошмаслиги лозим.
Махсус режим иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар очиқ ахборот ресурси ҳисобланган реестрга киритилади ва ваколатли органнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Мазкур Низом барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни назорат қилинадиган муҳитда апробация қилиш ҳамда улар асосида инновацион тўлов инструментларини яратиш учун ҳуқуқий асосни шакллантиради, шу билан бирга молиявий барқарорликка оид хавфларни минималлаштиришни таъминлайди.
Идоравий мансуб ташкилотлар