logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

АХБОРОТИ

10.08.2022
465

     Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасининг норматив-ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарорига биноан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари этиб, айнан: майнинг ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари (бундан буён матнда хизмат провайдерлари юритилади) белгиланган.

     Хизматлар провайдерлари қаторига фаолияти лицензияланадиган ва жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматлар кўрсатадиган крипто-биржалар, майнинг-пул, крипто-депозитарийлар ва крипто-дўконлар киритилган.

     Шунингдек, юқорида келтирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишлари мумкинлиги белгилаб ўтилган.

     Шу билан бирга, мазкур норма Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига 2023 йил 1 январ кунига қадар хорижий электрон платформаларда крипто-активларни сотиб олиш, сотиш, айирбошлаш ва (ёки) сақлаш билан боғлиқ савдоларни амалга ошириш ҳуқуқини беришини назарда тутмаслигини таъкидлаш жоиз.

     

     Крипто-биржа савдоларини амалга ошириш қоидаларига (22.01.2019 й., рўйхат рақами 3127-сон) билан Ўзбекистон Республикасининг резидентлари крипто-биржаларда:

     крипто-биржа (Ўзбекистон Республикасида крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун ўрнатилган тартибда лицензия олган)ларда крипто-активлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий валютада;

     Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари билан фақатгина крипто-активларни сотишга доир операцияларни хорижий валютада амалга ошириш ҳуқуқига эгалиги келтирилганлигини эслатиб ўтамиз.

     

     Интернет тармоғидаги ахборот ресурсларини мониторинг қилиш жараёнида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ва (ёки) айирбошлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, мамлакат ҳудудида хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлмаган турли электрон платформалар фаоллиги ошиб бораётгани аниқланди.

     Мазкур платформалар крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш билан боғлиқ хизматларни таклиф этиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда серверларини ўрнатилишини кўзда тутмаган ҳолда фуқароларнинг шахсий маълумотларини сўраб олмоқдалар.

     Шу билан бирга, улар крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳеч қандай юридик жавобгарликни ўз зиммаларига олмайдилар, транзакцияларнинг қонунийлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини тўғри сақланиши ва махфийлигини кафолатлай олмайдилар.

     Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ хизматлар провайдерлари лицензиясига эга бўлмаган электрон платформалар (крипто-биржалар ва электрон айирбошлаш майдончалари)дан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланди.

     Aгентлик фуқаролардан имкон қадар ҳушёр бўлишларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка ва эҳтиёт чораларини кўришларига, шу жумладан, шахсий маълумотларни сизиб чиқиши натижасида маълумотларнинг фирибгарлар томонидан фойдаланишга олиб келишига йўл қўймасликка чақиради.

     Агар Сизда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активларни ишлатган ҳолда шубҳали схемалар асосида иш юритаётган у ёки бу шахсларнинг фаолияти тўғрисида бирон бир маълумотга эга бўлсангиз, Сиздан қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қиувчи органларга хабар беришингизни сўраймиз.

     Шунингдек, крипто-активлар билан боғлиқ савдоларини амалга ошираётган ёки хизматларни тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда ёки ноқонуний мақсадларда, фирибгарлик учун таклиф этаётган компаниялар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, Сиздан тегишли маълумотларни fraud@napm.uz электрон манзилига юборишингизни сўраймиз.