logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

АХБОРОТ

05.05.2022
1231

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги ПФ-121-сон Фармони (кейинги ўринда – Фармон) билан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Мазкур Фармонга мувофиқ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор бўлган Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик)га айлантирилди.

Қуйидагилар Агентликнинг устувор вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • - крипто-активлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • - крипто-активлар айланмаси соҳасида инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
  • - крипто-активлар айланмаси соҳасида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
  • - давлат бошқаруви ва турли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳаларига маълумотларнинг тақсимланган реестри технологиясини ва бошқа энг янги технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларга ташаббус кўрсатиш ва олға силжишга кўмаклашиш.
  1. Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган ҳисобланади ва унинг тузилмасида Крипто-активлар айланмаси соҳасида инновацион технологияларни ўрганиш ва синовдан ўтказиш бўйича махсус лаборатория фаолият олиб боради.

Агентлик:

  • - крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини;
  • - Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартибини белгилайди.
  1. Крипто-актив – бу маълумотларнинг тақсимланган реестридаги рақамли ёзувлар йиғиндиси бўлган, ҳамда қиймати ва эгасига эга бўлган мулкий ҳуқуқ ҳисобланади.
  2. Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари қуйидагилардан иборат:
  • - майнинг;
  • - крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар фаолияти (кейинги ўринларда – хизматлар провайдерлари).
  1. Майнинг – бу ҳисоблаш операцияларини бажариш орқали маълумотларнинг тақсимланган реестрини юритиш, блокларнинг яхлитлигини яратиш ва тасдиқлаш фаолиятидир.

Майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда электр энергиядан фойдаланилган тақдирда:

  • - истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади;
  • - тиғиз даврда истеъмол қилинган электр энергия учун тегишли тарифларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган устамалар қўлланилади;
  • - истеъмол қилинган электр энергиясининг ҳисоби алоҳида ҳисоблагич ўрнатилган ҳолда юритилади.

Майнинг Агентлик томонидан мажбурий рўйхатдан ўтказилади ва лицензияланадиган фаолият турига кирмайди.

Майнинг билан шуғулланувчи шахслар (майнерлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари шарт.

Майнерларни рўйхатдан ўтказиш фақат Интернет тармоғи орқали электрон шаклда амалга оширилади.

Малумот учун: қуёш фотоэлектр станциялари учун асбоб-ускуналар ва қурилмалардан фойдаланувчи майнерлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта тикланадиган энергия соҳасида солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Қуёш фотоэлектр станциялари учун асбоб-ускуналар ва қурилмалардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга оширишни мўлжаллаётган майнерлар ва (ёки) инвесторлар, рўйхатдан ўтганидан сўнг:

  • - олинган барча электроэнергияни ўз эҳтиёжлари, шу жумладан, майнинг фаолияти учун ишлатиши;
  • - майнинг фаолияти барқарорлигини таъминлаш мақсадида, куннинг фақат тунги вақтида, белгиланган тарифлар асосида ягона энерготизимидан электр энергиясини олиш ҳуқуқига эга.

Майнерлар ўз фаолиятини фақат рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилда, ёнғин хавфсизлиги ҳамда санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Майнинг билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона энерготизимига ноқонуний уланиши ҳолатлари аниқланганда, уларга нисбатан белгиланган тариф 5 баробар ўсувчи коэффициент билан қўлланилади.

  1. Хизматлар провайдерлари фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – юридик шахслар бўлиши мумкин.

Хизматлар провайдерлари жисмоний ёки юридик шахсларга, шу жумладан, уларнинг номидан крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш, сақлаш, чиқариш, жойлаштириш ва бошқариш бўйича хизматлар кўрсатади.

Хизматлар провайдерлари турларига:

  • - крипто-биржа (крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш учун электрон платформани тақдим этувчи ташкилот);
  • - майнинг-пул (майнинг жараёнини таъминлаш мақсадида ҳисоблаш қувватларини бирлаштирувчи электрон платформани тақдим этувчи ташкилот);
  • - крипто-депозитарий (крипто-активларни чиқариш, уларни дастлабки жойлаштириш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот);
  • - крипто-дўкон (крипто-активларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш юзасидан хизматлар кўрсатиш бўйича электрон платформа ва (ёки) техник ва дастурий воситалар мажмуини тақдим этувчи ташкилот);
  • - Агентлик қарорлари билан белгиланадиган бошқа турдаги хизматлар провайдерлари.

Хизматлар провайдерлари фаолиятига қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

  • - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа ва (ёки) техник ҳамда дастурий таъминот воситалари тўпламининг мавжудлиги;
  • - крипто-активлар билан боғлиқ барча операциялар бўйича маълумотларни, платформа иштирокчиларининг идентификация маълумотларини, хизматлар провайдерларининг платформа иштирокчилари билан муносабатларига оид материалларни (шу жумладан, платформа иштирокчилари ўртасида), шу жумладан, иш ёзишмаларини беш йил давомида сақлаш;
  • - крипто-активлар айланмаси, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш ҳамда шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
  • - крипто-активлар айланмаси соҳасидаги рекламага қўйиладиган, шу жумладан, крипто-активлардан фойдаланилиш билан боғлиқ фаолиятнинг самарадорлиги (даромади) ҳақида ваъдаларига, крипто-активлар билан битимларни тузиш бойишнинг енгил усули эканлиги ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланганлиги ҳамда крипто-активлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида қўлланилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги талабларга риоя қилиш;
  • - аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга оширмаслик;
  • - платформа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни ваколатли органнинг сўровига биноан бепул тақдим этиш;
  • - қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа талаблар.

 Крипто-биржаларга қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилар ҳисобланади:

  • - крипто-активларни котировкалашни уларга бўлган талаб ва таклиф асосида амалга ошириш;
  • - ариза берилган санада пул маблағи шаклида базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг баравари миқдорида шакллантирилган устав жамғармаси мавжудлиги, шундан уч минг баравари Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйилади.

Хизматлар провайдерларининг устав жамғармаси фақат унинг муассисларининг маблағлари ва бошқа мол-мулкларидан шакллантирилади.

Хизматлар провайдерларининг устав жамғармасини шакллантириш учун фойдаланиладиган маблағлар кредит ёки гаровга олинган маблағлар ва шу каби бошқа маблағлар жалб қилиниши орқали амалга оширилишига йўл қўйилмайди.

  1. Хизматлар провайдерлари:
  • - кўрсатилган хизматлар учун, шу жумладан, крипто-активлар шаклида мукофот олиш, унинг миқдорини ва уни мижозлардан ундириш тартибини белгилаш;
  • - Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари билан крипто-активларни миллий ва хорижий валютага сотиб олиш ва (ёки) бегоналаштиришга, шунингдек, крипто-активларни бошқа крипто-активларга айирбошлашга қаратилган битимларини ташкил этиш ҳуқуқига эга.
  1. Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасига технологияларни жорий қилаётган юридик шахслар учун махсус ташкилий-ҳуқуқий шароит яратишни назарда тутувчи Крипто–активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимини (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) белгилайди.

“Тартибга солиш қумдони” махсус режимида тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш доирасида:

  • - “Тартибга солиш қумдони” махсус режим иштирокчилари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона божларини тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади;
  • - “Тартибга солиш қумдони” махсус режим иштирокчилари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан олинган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар 7,5 фоиз миқдордаги қатъий белгиланган ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилади ҳамда солиқ солиш мақсадида белгиланадиган жисмоний шахсларнинг умумий йиллик даромадлари ҳажмига киритилмайди.
  1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:
  • - крипто-активларнинг тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида қўлланилиши;
  • - яширин майнингни (махсус дастурий таъминотдан фойдаланиш орқали учинчи шахсларнинг ҳисоблаш қувватларида, уларга билдирмаган ҳолда ёки розилигисиз майнингни амалга ошириш бўйича фаолият) ва аноним крипто-активлар майнинги (анонимлик принципи бўйича ишлаётган крипто-активлар) амалга ошириш тақиқланади.
  1. 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ва (ёки) айирбошлаш бўйича операцияларни фақат миллий хизматлар провайдерлари орқали қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.

 

Шунингдек, Фармон билан Агентликка:

  • - Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлар фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги;
  • - Крипто-активлар майнингини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги;
  • - Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги;
  • - Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режимида (“Тартибга солиш қумдони” махсус режими) иштирокчиларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни қабул қилинишини ва амалга киритилишини таъминлаш вазифаси юклатилган.

Ҳозирги кунда, Агентлик томонидан, юқорида келтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва тадбиркорлик субъектлари эътиборини, майнинг ва хизматлар провайдерлари фаолиятини фақатгина мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингандан ва  кучга киргандан сўнг ташкил этиш мумкинлигига қаратамиз.

Агентлик, барча фуқаролардан қонун доирасида фаолият олиб боришни ҳамда тегишли лицензия ва (ёки) рухсат берувчи ҳужжатсиз крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ташкил этишга уринишдан, шунингдек, ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган хизматлар хизматларидан фойдаланмасликни сўрайди.