Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Диққат! Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) Telegram мессенжерида сохта аккаунтлар ва ботлар орқали фуқароларнинг пул маблағларини қўлга киритишга қаратилган фирибгарлик схемаси аниқланганини маълум қилади.
Хусусан,мазкур аккаунт ва ботлар республика даражасидаги давлат органларнинг, хусусан, Марказий банк, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Агентлик ва бошқалар, ҳамда ушбу органларнинг раҳбарияти ва мансабдор шахсларнинг мессенжердаги гуёки расмий аккаунтлари сифатида яратилмоқда. Мазкур аккаунт ва ботларни яратишда давлат органинг расмий рамзлари ҳамда мансабдор шахсларнинг сўратларидан фойдаланилмоқда.
Фирибгарлар томонидан Telegram мессенжери фойдаланувчиларига гуёки улар томонидан муқаддам содир этилган ноқонуний операциялари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги ва улар томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўмаклашиш зарурлиги ҳақида хабарлар юборилмоқда.
Шундан сўнг фуқаролар билан психологик таъсир ўтказиш орқали уларни Марказий банкнинг молиявий назорат бўлинмаси билан ҳамкорлик қилишга ундаш учун ўзини гуёки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходими сифатида таништирадиган шахслар боғланмоқда.
Кейинчалик фуқаролардан Марказий банкнинг «@MarkaziybankiOZbot» номли сохта Telegram-ботида рўйхатдан ўтишларни илтимос қилинмоқда. Ушбу бот орқали улар гуёки ўзини Марказий банк ходими сифатида таништирадиган шахслар билан мулоқотга йўналтирилиб, ушбу шахслар фуқароларга қалбақи ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда психологик босим ва турли манипуляциялар ўтказиш йўли билан уларнинг номига кредит расмийлаштиришга кўндириш ҳамда кейинчалик ушбу маблағларни ўзлаштиришни мақсад қиладилар.
Таъкидлаш жоизки, мулоқотлар фақат Telegram мессенжери орқали ҳамда аноним телефон рақамларидан амалга оширилмоқда.
Агентлик фуқаролардан мессенжерларда мулоқот қилишда ҳушёр бўлишни ва қуйидаги чораларга риоя қилишни қатъий сўрайди:
ҳар қандай шубҳали хабарлар келиб тушганда, уларни скриншот ёки фотосуратлар ёрдамида қайд этиш, сўнгра аккаунтларни блоклаш;
🔹шубҳали аккаунтлардан келган файлларни, айниқса “apk”, очмаслик ва ҳаволаларга ўтмаслик;
🔹аноним ва шубҳали телефон рақамларидан келадиган қўнғироқларга жавоб бермаслик;
🔹мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлардаги давлат органи аккаунтининг верификацияланганлигини текшириш, шунингдек, маълумотларни давлат органларининг расмий веб-сайтларидаги маълумотлар билан солиштириш;
🔹тегишли тасдиқловчи маълумотларни илова қилган ҳолда барча шубҳали хабарлар, қўнғироқлар ва ресурслар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш.
Таъкидлаш жоизки, Агентлик ходимлари фуқаролар ва тадбиркорлар билан алоқани фақат расмий алоқа каналлари (хизмат телефон рақамлари, расмий электрон почта ва почта жўнатмалари) орқали амалга оширади.