Янгиликлар
«АСТАНА» ХАЛҚАРО МОЛИЯ МАРКАЗИ ВАКИЛИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ.
2022 йил 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида, Агентлик директорининг биринчи ўринбосари В.Пак ҳамда «Астана» Халқаро молия маркази (кейинги ўринларда – АХММ) вакили А.Девлетов билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида жаҳон крипто-бозори ривожланишининг глобал йўналишлари муҳокама қилиниб, Ўзбекистон ва Қозоғистонда крипто-активлар айланмасини ҳуқуқий тартибга солиш масалалари бўйича фикр ва тажриба алмашинуви бўлиб ўтди.
В.Пак икки давлатда крипто-активлар айланмасини ҳуқуқий тартибга солишни уйғунлаштириш лозимлигини кўрсатиб, бу крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришини таъкидлаб ўтди.
Бундан ташқари, Агентлик ва АХММ ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, шу жумладан крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш махсус режими (“Тартибга солиш қумдони”) резидентларини фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш механизмларини жорий қилиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик бўйича аниқ қадамларни режалаштириш муҳокама қилинди.