logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Акционерларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясида

17.01.2024
1787

Капитал бозорини янада ривожлантириш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш, инвесторларни капитал бозорига жалб этишни рағбатлантириш, чет эл инвесторлари учун маҳаллий фонд бозорида қатнашиш тартибини соддалаштириш ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Республикамизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-291-сон қарорига асосан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги капитал бозори соҳасида тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан солиқ имтиёзлари, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва институционал ислоҳотларни амалга ошириш, бозор иштирокчилари учун ортиқча талабларни олиб ташлашни ва капитал бозорини ривожлантиришнинг 2023-2025-йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ушбу йўл харитасига мувофиқ, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг сўнгги уч ойи давомида дивиденд пул маблағларини ундириш масаласида амалий ёрдам сўраб қилинган 139 та мурожаат Агентлик ходимлари томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Ушбу мурожаатлар назоратга олиниб, ҳар бир ҳолат бўйича акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланиб, Агентликнинг бевосита иштирокида жисмоний ва юридик шахслар фойдасига акциядорлик жамиятлари томонидан жами 1 млрд 197 млн сўмдан зиёд дивиденд пул маблағларини тўлаб бериш таъминланди. Бу билан мурожаатчиларнинг узоқ вақт мобайнида ўз ечимини топа олмаган дивиденд масаласидаги муаммолари ижобий ҳал этилди.

2023 йилнинг сўнгги 3 ойи давомида Агентлик томонидан
7 трлн 905 млрд сўмлик акциялар ва 65 млрд сўмлик облигациялар чиқарилуви ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон фармони, 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори ва 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қўйидагилар амалга оширилди:

– “Ўзбектелеком” АЖ устав капитали 6,4 млрд сўмга оширилди ва ушбу акциялар 6 000 дан 10 000 сўмгача диапазон оралиғида сотувга чиқарилиб, бунинг натижасида 33 млрд сўмга яқин инвестиция жалб қилинди;

– “Ўзбекинвест” ЭИСК АЖ устав капитали 14 млрд сўмга кўпайиши муносабати билан акциялар чиқарилуви давлат рўйхатидан ўтказилиб, халқ IPO сини амалга ошириш мақсадида маҳаллий фонд бозорига чиқарилди.  

Булардан ташқари, миноритар акциядорлар ва инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, давлат улушига эга жамиятлар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилиши, яъни акциядорларга тўланиши керак бўлган дивидендларнинг пастки чегараси белгилаб қўйилди.

Юқорида келтириб ўтилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат акция пакетларини капитал бозори орқали хусусийлаштириш амалиётини кенгайтириш, аҳолининг қимматли қоғозларга инвестиция киритишини рағбатлантириш ва молия бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қарорлари ижроси йўлида қўйилган муҳим қадам бўлди.