Янгиликлар
Агентликнинг "КорпИнфо" маълумотига доир расмий муносабати
2024 йил 20 январда “КорпИнфо” телеграм-каналида (5488 обуначи) “Мулкдор ва тартибга солувчи вазифаларининг ажратилганлиги принципини қўллаш” номли маълумот эълон қилинди. Унда муаллиф Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) “Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази” ДУК га нисбатан функцияларининг қонунийлиги мавзусини кўтарган.
Хусусан, муаллиф Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасини келтириб ўтади, унга кўра давлат иштирокидаги корхоналарга нисбатан бир вақтнинг ўзида ҳам мулкдорнинг, ҳам тартибга солувчининг вазифаларини бажаришга йўл қўйилмайди.
Шунигдек, муаллиф “Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази” ДУК га "мос келувчи" ҳаракат вариантларини овоз бериш орқали танлаш учун канал аудиториясига ҳавола этади.
Агентлик ушбу материални дезинформатив деб ҳисоблайди.
Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-291-сон қарорига асосан капитал бозорини, шу жумладан қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини тартибга солиш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, шунингдек, суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш бўйича функция ва ваколатлари Агентликка ўтказилиб, Агентлик ушбу соҳаларда тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур Қарорга мувофиқ, Агентлик айни пайтда “Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази” ДУК нинг ягона иштирокчиси ҳисобланади.
Шу билан бирга, мақсади қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари – қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларнинг эгалари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек биржалар (лицензияланувчи фаолият тури) ва қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари – қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи (қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш бўйича лицензияланадиган ёки ваколатли органни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият тури) юридик шахс деб белгиланган.
Шуни таъкидлаш жоизки, “Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази” ДУК фаолияти юқорида кўрсатилган таърифларнинг бирортасига ҳам тўғри келмайди, лицензияланадиган фаолият турига кирмайди ва қимматли қоғозлар бозори соҳадасиги ваколатли орган томонидан тартибга солинмайди..
Шундай қилиб, Агентлик ва “Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази” ДУК ўртасида манфаатлар тўқнашуви белгилари мавжуд эмас, ва бунда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 12-моддасини қўллаш ноўрин.
Шу муносабат билан, Агентлик мазкур материални дезинформатив, жамоатчиликка нотўғри маълумот берувчи деб ҳисоблайди ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига мувофиқ раддия эълон қилинган ҳолда ўчириб ташланиши лозим деб ҳисоблайди.