Янгиликлар
Агентлик вакиллари «Финтех, банклар ва ритейл» III Халқаро ПЛАС-форумида иштирок этдилар
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари «Финтех, банклар ва ритейл» III Халқаро ПЛАС-форумида иштирок этдилар.
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак «Криптосаноат. Ҳолати, трендлар, прогнозлар. Активларни ва финтех платформаларни токенизация қилиш, тақсимланган маълумотлар реестри. Блокчейн» сессиясини кириш сўзи билан очиб берди. Ўз нутқида у крипто-активлар соҳаси Ўзбекистонда истиқболли йўналишлардан бири бўлиб, келажакда иқтисодиётнинг янги тармоғига айланажагини таъкидлаб ўтди.
Сессия давомида крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди. Хусусан, Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги тартибга солиш махсус режими шўъбаси («Тартибга солиш қумдони») мудири Камронбек Муҳаммадиев сессия иштирокчиларини крипто-активлар айланмасини тартибга солишнинг норматив-ҳуқуқий базаси, Агентлик фаолияти, жумладан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги инновацион технологияларни синовдан ўтказиш ва ўрганиш бўйича ихтисослаштирилган лаборатория ва “Тартибга солиш қумдони” махсус режими иши билан таништириб ўтди.
«CryptoMag» крипто-дўкони вакили Наргиза Миралимова крипто-дўкон тажрибаси билан ўртоқлашди, Ўзбекистонда крипто-соҳада бизнес юритиш учун яратилган шарт-шароитлар, банклар, Агентлик билан ўзаро ҳамкорлик ва мижозлар билан ишлашни ташкил этиш ҳақида гапириб берди.
Соҳада амалга оширилаётган ишлар натижасида расмий бозор иштирокчилари сони кенгайиб, жорий ойда уларнинг қаторига биринчи расмий крипто-депозитарий қўшилди, лицензиялаш тизимини янгилаш ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун йиғимларни тўлаш тизимини жорий этиш натижасида бюджетга қўшимча жами 6,5 миллиард сўм маблағ жалб этилди.
Сессия иштирокчиларида Ўзбекистон тажрибаси катта қизиқиш уйғотди, крипто-активлар айланмасининг турли жиҳатлари бўйича қизғин муҳокама бўлиб ўтди ва крипто-саноатни тартибга солишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.