Янгиликлар
Агентлик раҳбарияти қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари билан учрашув ўтказди
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, директор ўринбосари Даврон Мақсудовлар брокерлик ташкилотлари фаолиятидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш мақсадида қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари билан учрашди.
«Агентлигимиз тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, соҳада юзага келаётган муаммоларга тезкорлик билан жавоб бериш тарафдори. Бугунги учрашувимиздан мақсад янги тартибга солувчи ташкилот сифатида сизларнинг муаммоларингизни бевосита ўзингиздан эшитиш ва уларни бартараф этиш, — деди Вячеслав Пак иштирокчиларга мурожаат қилар экан. – Биз мулоқотга очиқмиз, ҳар бирингиз билан учрашишга, муаммо ва таклифларингизни тинглашга доим тайёрмиз».
Муҳокамада брокерлик ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этиб, капитал бозори инфратузилмасини яхшилаш, қонунчиликни такомиллаштириш, мижозларни бозорга жалб қилиш механизмларини кўриб чиқиш, иш жараёнини рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ҳоказолар бўйича ўз муаммоларини билдирдилар.