Ёпиш
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Агентлик делегациясининг қишлоқ хўжалиги суғуртаси соҳасида тажриба ўрганиш мақсадида Францияга ташрифи бошланди

22.05.2025
53

Мамлакат қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга кўмаклашиш ва қишлоқ хўжалигини суғурталаш амалиётини жорий этиш орқали тармоқ барқарорлигини ошириш доирасида Агентлик делегацияси Франция қишлоқ хўжалигида рискларни суғурталаш тажрибаси билан танишиш мақсадида ташрифини бошлади.

Ташриф давомида делегатлар фермерларни қўллаб-қувватлаш, хавф-хатарларни камайтириш ва фермерлар даромадларини барқарорлаштиришда самарали восита эканлигини исботлаган Францияда жорий этилган қишлоқ хўжалиги суғуртаси тизими билан танишдилар. Суғурта компаниялари, давлат дастурлари ва фермер жамоалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик моделларига, шунингдек, суғурта хизматларининг шаффофлиги ва улардан фойдаланиш қулайлигини ошириш учун рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Молиявий барқарорликни назорат қилиш ва инқирозни бартараф этиш бўйича Франция суғурта регулятори вакиллари 2023 йилда Францияда қишлоқ хўжалиги корхоналари учун мулк ва жавобгарликни суғурталашнинг барча турлари бўйича суғурта мукофотларининг умумий ҳажми қарийб 2,6 миллиард еврони ташкил қилганини таъкидладилар. Бу кўрсаткич тармоқнинг барқарор ривожланиб бораётганидан, унинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини қўллаб-қувватлаш тизимидаги муҳим ўринларидан далолат беради. Ушбу ҳажмнинг салмоқли қисми – қарийб 69 фоизи ёки тахминан 1,8 миллиард евро – қишлоқ хўжалиги корхоналарининг мулкий зарарини суғурталаш ҳисобига тўғри келади.

Ташриф дастуридан Франция суғурта ташкилотлари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва агротехнологик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги суғуртасининг жойларда амалга оширилишини баҳолаш мақсадида далалар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига ташрифлар ўрин олган.

Шунингдек, зарар кўрувчи сегментлар, айниқса кафолатлар бўйича назоратни кучайтириш, шунингдек, замонавий рисклар ва иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда янги суғурта маҳсулотлари ва шартларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, рискларни бошқаришни такомиллаштириш, хавфларни баҳолаш ва камайтиришнинг инновацион усулларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.

Ташриф натижалари Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалиги тармоғининг барқарорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгариши ва глобал иқтисодий беқарорлик шароитида фермерларни қўллаб-қувватлаш имконини берувчи ана шундай тизимни жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда фойдаланилади.