Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
“Ўзбекистон тажрибаси шуни тасдиқлайдики, минтақавий ҳамкорлик мавҳум мақсад эмас, балки амалий ривожланиш воситасидир. Капитал бозорларини интеграциялаш, тартибга солиш ёндашувларини уйғунлаштириш ва инновацияларни жорий этиш орқали биз барқарор ўсиш, сармояларни жалб қилиш ва иқтисодиётимизга ишончни мустаҳкамлаш учун шарт-шароит яратамиз.
Ўзбекистон бундан кейин ҳам интеграцияни чуқурлаштириш, барқарор молиялаштиришни ривожлантириш ва стандартларни уйғунлаштиришга қаратилган қўшма ташаббусларда фаол иштирок этишга тайёр. Биз ҳамкорликка рақобат сифатида эмас, балки бутун Евроосиё минтақаси учун янги истиқболларни очувчи шериклик сифатида қараймиз”, – деди Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори ўринбосари Орифжон Файзиев Astana Finance Days 2025 форумидаги нутқида.
VIII «Astana Finance Days (AFD) 2025: Капитал келажакни шакллантиради» форуми 2025 йилнинг 4–5 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу Остона халқаро молия маркази томонидан ҳар йили ўтказиладиган халқаро форумдир.
VIII AFD Форуми 70 дан ортиқ давлатдан 5000 дан ортиқ иштирокчиларни – давлат идоралари вакиллари, хорижий инвесторлар, молиявий таҳлилчилар, ҳуқуқшунослар, тадбиркорлар, олимлар ва журналистларни жамлади.
Форум молия, барқарор ривожланиш ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги асосий тенденцияларни муҳокама қилиш, шунингдек, стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш, сармоявий битимлар тузиш, тажриба алмашиш ва минтақавий ва жаҳон бозорларида янги ечимларни илгари суриш учун платформа бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, форумда капитал бозорларини чуқурроқ интеграциялашувига кўмаклашиш учун тартибга солиш ёндашувларини уйғунлаштириш, бозорларга трансчегаравий киришни кенгайтириш ва стандартларни уйғунлаштиришга қаратилган жорий ва истиқболдаги ташаббуслар масалалари кўриб чиқилди.
Идоравий мансуб ташкилотлар