Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Тошкент шаҳрида Silk Road Finance & Technology Forum халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Мазкур халқаро майдон молия сектори вакиллари, технологик компаниялар, тартибга солувчи органлар ҳамда экспертларни бир жойга жамлаб, молиявий тизим ва рақамли технологияларнинг келажагини муҳокама қилиш имконини бермоқда.
Форумнинг асосий мавзуларидан бири рақамли активлар, токенизация ва стейблкоинлар бўлди. «The Frontier, Continued: Tokenization & Stablecoins» сессияси доирасида иштирокчилар хусусий стейблкоинлар, марказий банкларнинг рақамли валюталари ва токенизация қилинган активларни ривожлантириш, шунингдек, уларнинг трансчегаравий тўловлар, савдо ва ҳисоб-китобларга эҳтимолий таъсирини муҳокама қилдилар.
Марказий Осиё мамлакатлари рақамли активларни тартибга солишга ёндашувларни шакллантиришда ҳал қилиши лозим бўлган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, қайси воситалардан фойдаланишга рухсат бериш мақсадга мувофиқлиги, қандай рақамли ечимларни ривожлантириш ва уларни анъанавий молиявий тизим билан қандай интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамаларда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) директорининг биринчи ўринбосари В.Пак иштирок этди.
Сессияда сўзга чиққан В.Пак рақамли активларни самарали тартибга солиш уларнинг негизида ётувчи технологиялар ва уларнинг реал активлар билан ўзаро таъсир механизмларини чуқур тушунишсиз имконсиз эканини таъкидлади.
«Блокчейн – бу фақат технология. Энг муҳими – ушбу технологиядан айнан қандай фойдаланаётганимизни, унга қандай қиймат юклаётганимизни ва унинг реал активлар билан қандай боғлиқлигини тушунишдир. Технологияни тушуниб олганимиздан сўнг, уни тартибга солиш анча осонлашади», – деди В.Пак.

В.Пак, шунингдек, қимматли қоғозларни токенизация қилиш истиқболларига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, токенизация қилинган акциялар ва облигацияларни чиқариш нафақат технологик ечимни, балки бундай активлар эгаларининг ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишни таъминлайдиган аниқ ҳуқуқий механизмни ҳам талаб этади.
Хусусан, мулк ҳуқуқларини ҳисобга олиш ва тасдиқлаш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, акциядорларнинг, жумладан, овоз бериш ва корпоратив бошқарувда иштирок этиш ҳуқуқларини амалга ошириш масалалари назарда тутилмоқда.
Агентликнинг Silk Road Finance & Technology Forumдаги иштироки халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва илғор тажрибалар алмашинувини ривожлантиришга қаратилган.
