logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

OTP Bank капитал бозори соҳасида "Тартибга солиш қумдони" иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди

16.09.2024
750

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) Венгриянинг энг йирик банкларидан бири ва минтақавий кастодиан банки бўлмиш “OTP Bank PLC” (OTP Bank) ни Ўзбекистон Республикаси капитал бозори соҳасидаги "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимининг иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказди.

OTP Bank ни ўз ичига олган OTP Group Марказий ва Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 11 мамлакатда мавжуд бўлиб, 17 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади. Шунингдек, гуруҳнинг бир қисми бўлмиш OTP Global Markets маҳаллий, халқаро пул ва капитал бозорлари соҳасида кенг кўламли хизматларни таклиф этади. У хусусий, корпоратив ва институционал мижозларни рақобат шароитлари, ўқитилган ходимлар ва инновацион, универсал, шунингдек мослаштирилган гуруҳ даражасидаги хизматлар билан ўз мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлайди. OTP Group шунингдек, Хорватия, Венгрия, Болгария, Черногория, Сербия ва Словенияни ўз ичига олган олтита Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларидаги етакчи минтақавий кастодиан банклар қаторига киради.

Капитал бозори соҳасидаги “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимини тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, OTP Bank махсус режим иштирокчиси ҳамда “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ ва “Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси” АЖ депозитарийларида хорижий номинал сақловчи сифатида қимматли қоғозлар ҳисобини (депозитарий) очиш ва бошқариш ҳуқуқига, шунингдек, қўшимча лицензиясиз Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида миллий ва хорижий валютада нақд пул ҳисоб рақамига эга бўлиш ҳуқуқига эга. 

Капитал бозори соҳасидаги "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режимининг иштирокчиси бўлиш OTP Bank учун Ўзбекистоннинг қимматли қоғозлар бозори билан алоқани ўрнатиш йўлидаги муҳим босқичдир. OTP Bank Агентликдан ушбу рухсатни олган иккинчи халқаро молия институтидир. Ушбу ютуқ билан у 2023 йилда Ўзбекистондаги Ипотека банкининг аксарият улушини сотиб олганидан сўнг Ўзбекистон бозорига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлайди.

Агентлик OTP Bank нинг “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимида иштирок этишини Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорига йирик ҳажмдаги инвестицияларни жалб қилинишида, глобал ва хорижий кастодианлар ва депозитарийлар, глобал инвесторлар ва хорижий инвестиция воситачилари учун воситачи бўлиб хизмат қилади деб ҳисоблайди.

 

OTP Group ҳақида

OTP Group энг тез ривожланаётган, Марказий ва Шарқий Европа минтақасидаги етакчи банк гуруҳларидан бири бўлиб, юқори рентабеллик ва барқарор капитал ва ликвидлик позициясига эга. Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё ҳудудларида ҳозирда 11 мамлакатларда деярли 40 000 нафар ходимлар билан фаолият юритаётган, OTP Group 17 миллион мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. Марказий ва Шарқий Европа худудидаги банк сохасида энг фаол консолидатор сифатида OTP Group 2000 йилларнинг бошидан бери 25 та банкни муваффақиятли сотиб олиб, бирлаштирди. Ҳозирда банк Венгрия, Болгария, Сербия, Черногория ва Словенияда бозор етакчиси ҳисобланади*. OTP Group бош қароргоҳи Венгрияда жойлашган ва кўп қиррали ва шаффоф мулк тузилмасига эга. Банк гуруҳи 1995 йилдан бери Будапешт Фонд биржасида рўйхатга олинган.

* Жами активлар бўйича: Венгрия (31/12/2022), Черногория (31/12/2023), жами кредитлар бўйича: Болгария (31/12/2023), Сербия (30/09/2023) ва Словения (30/09/2023)