logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистон фонд бозори ИТ инфратузилмасини бозор маълумотларини узатиш учун Bloomberg платформаси билан интеграция қилди

22.11.2024
189

Ўзбекистон фонд бозорининг ИТ инфратузилмасининг Bloomberg молиявий-иқтисодий ахборот агентлиги платформаси билан интеграцияси якунланди. Ушбу интеграция туфайли “Тошкент” Республика фонд биржасида (“Тошкент” РФБ) сотиладиган акциялар ва облигациялар бозори маълумотлари энди бутун дунё бўйлаб Bloomberg терминали фойдаланувчилари учун мавжуд.

Лойиҳанинг ташаббускори ва техник ижрочиси Ўзбекистон фонд бозорининг ИТ-инфратузилмаси учун масъул бўлган “Қимматли қоғозлар бозори ахборот-ресурс маркази” ДУК бўлди. “Тошкент” фонд биржаси ва Bloomberg платформаси маълумотларининг интеграцияси орқали реал вақт режимида бозор маълумотларини, жумладан котировкалар, буюртмалар китоблари ва бошқа асосий кўрсаткичларни янада кенгайтириш ва янги ахборот блокларини қўшиш имконияти билан узатиш мумкин.

Bloomberg платформаси билан маълумотлар интеграцияси халқаро инвесторлар учун янги имкониятлар очади, Ўзбекистон фонд бозоридан хабардорлик ва унга нисбатан ишончни оширади. Бу Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик)нинг мамлакатимизда шаффоф, рақобатбардош ва глобал йўналтирилган капитал бозорини яратиш бўйича стратегик дастури доирасидаги муҳим қадамдир.

“Агентлик фонд бозорини тартибга солувчи орган сифатида Bloomberg билан Ўзбекистон фонд бозорининг миллий ресурс ва ахборот тизими билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ташаббусини фаол қўллаб-қувватлайди. Ишончим комилки, ушбу интеграция халқаро инвесторларга муҳим маълумотлардан ишончли фойдаланиш имкониятини беради ва келгусида мавжуд тўсиқларни енгиб ўтишга, мамлакатимизда динамик, барқарор ва шаффоф капитал бозорини яратишга хизмат қилади”, — деди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак Тошкент фонд биржаси ва Bloomberg платформаси маълумотларини интеграциялашуви якунланиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирдаги нутқида.

“Тошкент” РФБ бошқаруви раиси Георгий Паресишвилининг таъкидлашича, “Биз халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўряпмиз. Bloomberg терминали орқали бозор маълумотларини тақдим этиш Ўзбекистоннинг жаҳон молиявий экотизимига интеграциялашуви йўлидаги навбатдаги қадамдир. Қимматли қоғозларимиз тўғрисидаги маълумотларнинг глобал платформада мавжудлиги мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестициялар ҳажмини оширишга хизмат қилишига ишонамиз”.

“Қимматли қоғозлар бозори ахборот-ресурс маркази” давлат унитар корхонаси нафақат Bloomberg платформаси билан интеграциялашган, балки кейинги инновацияларни қўллаб-қувватлашга мўлжалланган ягона ИТ тизимини жорий қилишни таъминлади. Янги инфратузилма қуйидагиларни таъминлайди:

  • Қимматли қоғозлар ва облигациялар учун котировка ва буюртма китобларига тўлиқ кириш.
  • Янги молиявий воситалар ва маълумотларни қўшиш учун масштаблаштириш.
  • Халқаро стандартларга мувофиқликни таъминловчи шаффоф бошқарув механизмлари.

Bloomberg Глобал маълумотлар бўйича бош директори Девид Тамбурелли алохида тўхталиб ўтди: RSET Ўзбекистон компанияларининг акциялари ва маҳаллий облигацияларини сотадиган ягона биржа бўлиб, шаффофлик, листинг компанияларининг корпоратив бошқаруви ва хорижий инвесторлар учун кириш имкониятлари бўйича сезиларли ютуқларга эришди. Биз Ўзбекистон капитал бозорларининг ривожланишини қўллаб-қувватлаймиз ва мижозларимизга ушбу чегаравий бозор маълумотларини тақдим этиш учун биржа маълумотларини таклиф қилишни кенгайтиришдан мамнунмиз”.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистонни минтақавий молиявий марказга айлантириш бўйича кенг ташаббуснинг бир қисмидир. Энди хорижлик инвесторлар реал вақт режимида олинган ишончли маълумотларга асосланиб инвестиция қарорларини қабул қилишлари мумкин бўлади.

Ўзбекистон фонд бозори учун мазкур қадам ликвидликни сезиларли даражада ошириш, халқаро инвесторлар базасини кенгайтириш ва жаҳон молия бозорларига интеграциялашувни жадаллаштириш истиқболларини очади.