logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентликнинг 2023 йил фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани

06.02.2024
2756

2024 йил 6 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) 2023 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган пресс-конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, директор ўринбосари Даврон Максудов, Крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аскаржон Закиров, Капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Саибжан Худайбердиев, Суғурта бозорини ривожлантириш департаменти бошлиғи Орифжон Файзиев иштирок этди.

Иштирокчилар Агентлик томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб беришди.

Вячеслав Пак ўзининг кириш сўзида қўйидагиларни таъкидлаб ўтди:

«Бир қатор муаммоларни ҳал этиш, шу жумладан рақамлаштириш, инновацияларни жорий этиш ва инвестицияларни жалб этишнинг янги шакл ва усулларини қўллаш учун давлат ва бизнес ўртасида яқин ҳамкорлик зарур, чунки барчамизга маълумки, инновациялар ва технологиялар кўпинча бизнес томонидан тақдим этилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, Агентлигимиз тадбиркорлар ва фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказиш, бюрократия ва қоғозбозликларга йўл қўймаслик, илғор ва инновацион ечимларни жорий этишни доимий тарафдори».

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Капитал бозорни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-291-сон Қарори билан Агентликка Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг капитал бозорини, шу жумладан қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси фаолиятини тартибга солиш, корпоратив бошқарувни ривожлантириш, шунингдек, суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш бўйича вазифа, функция ва ваколатлари ўтказилди. Агентлик ушбу соҳаларда тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Шунингдек, «Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази» давлат унитар корхонаси ва Корпоратив ахборот ягона портали Агентликка беғараз ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 ноябрдаги “Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-381-сон Қарори билан Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг электрон тижоратни тартибга солиш ва ривожлантириш соҳасидаги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги вазифа, функция ва ваколатлари Агентликка топширилди.

* * *

Амалга оширилган ташаббуслар натижаларига кўра, крипто-активлар миллий бозори институцонал кенгайтирилди. Хусусан, ўтган йилда крипто-активлар айланмаси соҳасида провайдерлик фаолиятини амалга ошириш учун 9 та лицензия, шу жумладан, 1 та крипто-биржа, 2 та крипто-депозитарийлар и 6 та крипто-дўконларга лицензия берилди.

Ўтган йили крипто-активлар айланмаси соҳасида провайдерлик фаолиятини амалга оширувчилар томонидан 36,2 млрд. сўм миқдорида давлат божи ва йиғимлари келиб тушди.

Капитал бозори соҳасида 2023 йилнинг охирги 3 ойида Агентлик томонидан 7 трлн. 905 млрд. сўмга тенг миқдорда акциялар ва 65 млрд. сўмга тенг миқдорда облигациялар чиқарилиши ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги ПФ-6207-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон Қарори ҳамда 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-102-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида:

– “Ўзбектелеком” АЖ устав капитали 6,4 млрд. сўмга оширилиб, акциялар 6 000 сўмдан 10 000 сўмга қадар оралиғида сотувга қўйилди, натижада 33 млрд. сўм миқдорида инвестициялар жалб этилди;

– “Ўзбекинвест” АЖ устав капитали 14 млрд. сўмга оширилди;

– оммавий IPO ўтказилиши мақсадида “Ўзбектелеком” АЖ ҳамда “Ўзбекинвест” АЖ акциялари чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилди ҳамда маҳаллий фонд бозорида жойлаштирилди.

Миноритар акционерлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида фақатгина 2023 йил 4-чорагида уларга 1,2 млрд. сўмлик дивидендлар тўланиши таъминланди.

Суғурта ташкилотларининг умумий устав капитали жами 2,3 трлн. сўмдан ошди ҳамда ўтган йилга 22,6% кўпайди.

Суғурта ташкилотларининг иқтисодиётга инвестициялари ҳажми 6,2 трлн. сўмдан ошди, умумий ўсиш 29,4%ни ташкил этди. Шу билан бирга суғурта ташкилотларининг инвестицион портфели асосан юқори даромадли активлардан ташкил топган, яъни маблағларнинг 65,6% тижорат банкларининг депозитларида ҳамда 22,1% қимматли қоғозлар ва акцияларда жойлаштирилган.

Тўланган суғурта тўловларининг умумий миқдори 2 трлн. сўмни ташкил этди, улардан 1,5 трлн. сўм суғурта ташкилотлари томонидан умумий суғурта соҳасида ва 453,5 млрд. сўм ҳаётни суғурталаш соҳасида тўлаб берилди.

Тузилган суғурта шартномалари сони 9,1 млн.ни ташкил этди, 2022 йилга кўра ўсиш 14,9%ни ташкил этди.

Умумий суғурталаш бўйича суғурта тўловлари 25,0%ни, ҳаётни суғурталаш бўйича суғурта мукофотлари 220,0 тыс. сўмни  (18,0 АҚШ доллари) ташкил этди.

Бундан ташқари, суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича тегишли ишлар ўтказилди, 2023 йил натижаларига кўра ваколатли давлат органига 3 132 мурожаат (+161 %) келиб тушди, улардан 2600 мурожаат (83%) ижобий ҳал этилиб жами 19,7 млрд. сўмлик суғурта билан қопланувчи тўловлар тўлаб берилди.

* * *

Агентлик томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ, крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта фаолияти, электрон тижорат, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш соҳаларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича фаолияти крипто-активлар айланмаси, капитал ва суғурта бозорлари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш, шунингдек, ушбу соҳаларга инвестицияларни жалб қилиш механизмларини таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали давом этмоқда.