Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ходимлари Қозоғистон Республикасининг Оқмўла вилоятида бўлиб ўтаётган XXII Евроосиё капитал бозорлари форумида иштирок этмоқда.
Тадбир “Cbonds Congress” компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, Қозоғистон, МДҲ давлатлари ҳамда Евроосиё минтақаси капитал бозорлари мутахассислари учун асосий йиллик мулоқот майдонларидан бири ҳисобланади.
Форум доирасида қуйидаги мавзулар муҳокама қилинмоқда:
- Евроосиё минтақасининг иқтисодий ва инвестиция кун тартиби, иқтисодий ўсиш суръатлари, инфляция ва фоиз ставкалари тенденциялари;
- Қозоғистон ва минтақанинг бошқа давлатлари облигациялар бозорининг тузилиши, ликвидлиги ҳамда ривожланиш истиқболлари;
- маҳаллий капитал бозорларида қимматли қоғозларни жойлаштириш бўйича амалий тажриба;
- капитал бозорларидаги макроиқтисодий прогнозлар ва инвестиция стратегиялари;
- тартибга солинадиган молия бозорларида токенизация ва рақамли активлар;
- масъулиятли инвестициялаш: ESG стандартлари ва исломий молиялаштириш инструментлари.
Шунингдек, форум дастури доирасида Агентлик вакиллари марказий банклар, вазирликлар, фонд биржалари, молиявий инфратузилма ташкилотлари ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари иштирокидаги муҳокамаларда қатнашмоқда.
Форумда иштирок этиш Евроосиё минтақаси давлатлари вакиллари билан тажриба алмашиш, шунингдек, капитал бозорларини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш имконини беради.

