Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси, электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи (шу жумладан, стриминг хизматлари) хорижий компанияларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини қўллаш бўйича келиб тушаётган мурожаатлар бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 885-сон қарорининг (кейинги ўринларда – ВМҚ-885-сон) 3-бандига мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан бошлаб электрон тижорат операторлари фаолиятини хабардор қилиш тартиби асосида амалга ошириш тартиби жорий этилди.
Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон тижорат операторлари фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланилади.
Шу тариқа, ВМҚ-885-сон талаблари бошқа мамлакатлар ҳудудидан электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи (шу жумладан, стриминг платформалари) электрон хизматлар етказиб берувчилари фаолиятига татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, чет эл давлатлари ҳудудидан Интернет тармоғи орқали жисмоний шахсларга электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (кейинги ўринларда – СК) қоидалари билан тартибга солинади.
Шу тариқа, СКнинг 278 ва 279-моддаларига мувофиқ, мазкур чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикасида қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда – ҚҚС) тўловчилари сифатида қаралади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.
Ҳисобга қўйиш солиқ органларининг махсус электрон сервиси орқали соддалаштирилган тартибда амалга оширилади ва электрон шаклда хизматлар кўрсатувчи хорижий етказиб берувчининг солиқ рўйхатидан ўтишини англатади.
Бундай тартиб хорижий компанияни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юридик шахс ёки тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳисобланмайди.
Хорижий воситачилар орқали электрон шаклда хизматлар кўрсатилганда, ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбуриятлари ушбу воситачилар томонидан амалга оширилади. Бундай ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида ушбу воситачи ҳисобга қўйилиши лозим.
Хорижий юридик шахслар томонидан кўрсатилганда Ўзбекистон Республикасида ҚҚС тўловчиси деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматлар рўйхати СКнинг 282-моддаси билан белгиланган. Бундай хизматларга жумласига, масалан, қуйидагилар киради:
- дастурий таъминотдан (шу жумладан ўйинлардан), маълумотлар базаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш ва уларни янгилаш;
- электрон китоблар, мусиқа асарлари, аудиовизуал контентдан масофавий фойдаланиш имкониятини тақдим этиш (стриминг хизматлари);
- Интернет тармоғида реклама хизматларини кўрсатиш, шунингдек, реклама майдонларини тақдим этиш;
- сотувчилар ва харидорлар ўртасида битимларни ташкил этиш учун электрон савдо платформалари (маркетплейслар) хизматларини кўрсатиш;
- хостинг хизматлари, домен номларини тақдим этиш, маълумотларни булутли технологиялар ёрдамида сақлаш ва қайта ишлаш;
- қидирув тизимларидан фойдаланиш имкониятини бериш, сайтлар статистикасини юритиш ва бошқа автоматлаштирилган рақамли хизматлар.
Идоравий мансуб ташкилотлар